Кўзойнак тақиш уят эмас
Конкурсга
Кўзойнак тақиш уят эмас

Касбим тақозоси билан доим одамлар орасида юраман. Уларнинг қўлга киритган ютуғларию муаммолари билан ўртоқлашаман. Муваффақиятларини кўриб қувонсам, орзу ва мақсадларини эшитиб дилим таскин топади. Камчилик ва муаммоларини эшитганда эса қайғуга ботаман ва уларнинг ечимини биргаликда излашга ва топишга интиламан. Шулар ҳақида фикр юритарканман, жамоатчилик фикрини тинглаш, дардини ҳис этиб яшаш кишидан кучли ирода ва масъулият талаб этишига амин бўламан.
Аҳоли орасида унчалик аҳамиятсиздек кўринган муаммолар талайгина. Уларнинг ечимини мутахассислар ёрдамида топиш ва элимизни бу ҳақда хабардор этиш биз журналистлар зиммасидаги бурч деб биламан.
Хизмат юзасидан бир мактабда бўлганим, у ердаги ўқитувчиларнинг суҳбати мени чуқур ўйга толдиргани ва ўша куниёқ муаммони бартараф этиш учун мутахассислар ҳузурига отланганим ҳақида ёзишга қарор қилдим.
Ўқитувчилар хонасида дафтар текшириб ўтирган ўқитувчиларнинг кўпчилиги кўзойнак тақинган. Қўнғироқ жаранглаб, кўпчилик ўқитувчилар хонани тарк этди. Бир ўқитувчи аёлнинг дарс соати йўқлиги боис, мен билан суҳбатни давом эттирди. Ўғлининг кўзи хира кўриши, кўзойнак тақишдан уялиши боис кундан кун кўриш қобилияти ночорлашаётганидан шикоят қилди. Иккинчи ўқитувчи гапга қўшлиб, ота-оналарнинг эътиборсизлиги туфайли синфида 2-3 ўқувчининг кўзи узоқдан яхши кўрмаслигини айтди. Иш билан хонага кирган фаррош аёл суҳбатга қўшилди. Унинг қизини ҳам кўриш қобилияти сустлашиб бораётгани, шифокорга бориб текширувдан ўтганда, окулист кўзойнак тақса, кўз нури қайта тикланишини айтгани, бироқ, қизи бундан бош тортаётганидан афсусланишини айтди.
Мактабдаги аёллар билан бўлган суҳбат мени офтолмолог билан суҳбатлашишга ва кўз касалликлари бўйича мақола ёзишга ундади. Вилоят шифохонасининг кўз касалликлари бўлимига етиб боргунча, кўз ва кўриш неъматини берган Зотга чексиз шукроналар айтдим. Йўл-йўлакай одамларни кузатдим. Автобусдаги кексаю ёшнинг қўлларида телефон. Кимдир ватсапдан келган хабарни қулоғига тутиб эшитаётган бўлса, кимдир бошини қулига эгиб, келган видеоларни томоша қилиш билан оввора. Яна кимдир ютуб каналларидан фильм томоша қилиб кетяпти. Қўлидаги ёш боласи эса телефонни талашиб, хархаша қилмоқда. Мактаб ўқувчилари ҳам туртиниб-суртиниб бўлса ҳам қўлларидаги катта-катта телефонларида жангари ўйинларни ўйнаш билан оввора.
Демак, юқоридаги арзимас кўринган воқеалар йиғилиб, улкан муаммоларга айланади. Охир оқибат эса жамиятимиз дардига айланиши муқаррар. Зийрак газетхон англаганидек, бу кўз касалликларидир.
Вилоят шифохонасининг кўз касалликларини даволаш бўлимига етиб бордик. Болалар кўз касалликлари алоҳида, катта ёшдагилар бўлими эса алоҳида жойлашганлигига гувоҳ бўлдик. Офтолмолог шифокор Курманбек Жээнбековни суҳбатга тортдик. У сўзни КР Миллий Қизил ой жамиятининг вилоят бўлими ёрдами билан замонавий кўз текшириш аппаратлари ўрнатилгани ҳақида сўз очди. Энди шифо истаб келган барча беморларни қисқа вақт ичидаёқ аппаратлар ёрдамида кўз касалликларини аниқлаш ва ташхис қўйиш имконияти яратилган. Унда малакали шифокорлар ҳар қандай ёшдаги беморларни қисқа вақт ичида текширувдан ўтказади ҳамда керак бўлса, кўзларимизнинг минус ва плюсларидан озод бўлиш йўлларини аниқлайди. Лазер нури ёрдамида кўздаги хираликни бартараф этилади.
Кўриш қобилиятининг ёмонлашувига турли сабаблар бўлиши мумкин. Шу сабаблар туфайли кўз кўриш қобиятиятини йўқотади. Уларни бартараф этиш мумкин. Кўзни толиқтириб қўядиган омиллар. Уларнинг бир неча тури бор. Яна бир сабаби ёшнинг ўтиши, кўз тўқмалари чарчаши, кўз тубидаги қон айланишининг ёмонлашуви натижасида кўз нури хиралашиб, кўриш қобилиятини вақтидан олдин хиралашувига олиб келади.
Кўз нурини ёмонлашувига сабаб бўладиган омиллар жуда кўп. Уларнинг энг асосийси, аҳолининг ёппасига қўл телефонларидан фойдаланиши, унда соатлаб ўзига яқин масофада ижтимоий тармоқлардаги видеофильмларни томоша қилиши, ўйинлар ўйнаши кўзларни толиқишига ва охир оқибатда кўзларнинг нурини камайишига олиб келади. Худди шунингдек, телевизорни 3-метрдан яқиндан кўриш ҳам инсоннинг кўзи толишига ҳамда кўз касалликларига йўл очади. Шундай воқеликни бошидан кечирган аҳоли орасида кўз касалликлари, кўриш қобилиятининг пасайиши кузатилади. Буни одамлар билса ҳам ўз вақтида окулистларга, яъни офтолмолог шифокорларга мурожаат этмайди. Кўз нурини тиклаш учун шифокор томонидан тавсия этилган кўзойнакларни тақмаслик, кўз машқларини вақтида бажармаслик, кўзга фойдали витаминли маҳсулотларни истеъмол қилмаслик оқибатида сўнгги вақтларга келиб, аҳоли орасида кўз нурининг пасайиши ёшарганлигига, яъни болалар ва ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасида кўп кузатилмоқда. Микровитаминларнинг етишмаслиги ҳам кўз касалликларини пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундан ташқари кўз касалликларни прафилактик даволаш учун керакли дори-дармонлардан фойдаланмаслик ҳам кўз нурининг хиралашувига сабаб бўлади.
Кўз нурини яхши сақлаш учун ташқаридан келаётган ёруғлик нурлари нормал ҳолатда бўлиши талаб этилади. Уйда ҳам, ташқарида юрганда ҳам кўзларимизга ғамхўрлик қилишни унутмаслигимиз керак. Масалан, соатлаб телефон олдида ўтирмаслик, ёш болаларга телефон бермаслик, уларнинг дарс тайёрлаётганда ёруғлик етарли бўлишини ота-она назорат қилиши керак бўлади. Мактабда эса устозлар, айниқса, бошланғич синф ўқитувчилари ўз ўқувчиларини фақат билим олишига аҳамият берибгина қолмай, уларнинг партада ўтириши, ўқиш ва ёзиш қоидаларига ўргатиши талаб этилади.
Раънохон Мамитова, Жалолобод вилояти.
- Djapanov_F_R дан
