Бош муҳаррир минбари
Бош муҳаррир: Лутфулло РАҲМОНОВ
ЎЗ ТИЛИМИЗНИ ҚАДРЛАЙЛИК
Ассалому Алайкум, қадрли газетамиз ўқувчиси!
Қирғизистон Республикаси жанубидаги биринчи ташкил этилган газета «Ўш садоси» 2025 йилнинг 12 апрел куни ўзининг 93 ёшини қарши олди. Мамлакатимиздаги тўнғич матбуот нашрларидан бири «Ўш садоси» вилоят ижтимоий сиёсий газетаси босиб ўтган тарихий йўлга назар ташласангиз, унинг ўз даврида ўткир, таъсирчан ва жанговар матбуот нашри сифатида мамлакат иқтисодини ривожлантириш, одамларни юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, қардош қирғиз ва бошқа халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамкамлаш борасидаги ижодий фаолияти нақадар салмоқли эканлигини яққол билиб оласиз.
Газета турли йилларда дастлаб «Коммунист», «Пахта учун», «Ленин йўли», «Қирғизистон хақиқати» номлари билан ўз саҳифаларида ўша даврни ёрқин, жозибали акс эттириб келди. Тарихга назар ташласак сақланаётган газеталарнинг саҳифаларида ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида саводсизликни тугатиш, бошланғич ва ўрта таълим мактабларини ташкил этиш, дарсликлар билан таъминлаш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, ижодкорларни шаклланишида газетанинг алоҳида ўрни бўлган десак, муболаға бўлмайди.
II-Жаҳон уруши, урушдан кейинги тикланиш йилларида саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ўша давр қаҳрамонларининг фидокорона меҳнати, маънавий ва маданий ҳаёт ҳар доим газетанинг бош мавзуси бўлиб келган. Турли даврларда газетага муҳаррирлик қилган, умрини бахшида этган Муродхон Собиров, Каримжон Исҳоқов, Ином Саидов, Маҳмуд Исмоилов, Ҳалимжон Ҳамидов, Одилжон Обидовлар номини ҳар доим ҳам ҳурмат билан хотиралаймиз. Уларнинг раҳбарлигида ўз даврида ўткир қалами билан танилган журналистлар етишиб чиқдилар.
Ўтган асрнинг 80-йилларида ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтган газета ҳафтасига беш марта нашр этилиб, бир кунлик адади 55 минг нусхага етган даврни яхши эслаймиз.
Бугунги кунда ҳафтасига бир марта нашр этилаётган газетамиз 1000-1200 нусхада нашр этилмоқда. Газета ижодий жамоаси муштарийларга мамлакатимизда содир бўлаётган воқеаларни, муҳим ўзгаришлар ва Президент, ҳукуматимиз буйруқ, фармонларини ўз она тилимизда беришга ҳаракат қилмоқда. «Ўш садоси» газетаси саҳифалари орқали мамлакатимиз, вилоят балки Ўрта ва Марказий Осиё давлатлари ҳамда хорижда рўй бераётган сўнгги янгиликлар, воқеалардан хабардор бўласизлар. Шу билан бирга қизиқарли ва сермазмун мақолалар, очерклар, публицистикаларни ўқишингиз мумкин. Шунингдек юртимизда ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг энг сара шеър ва ҳикояларини«Адабиёт саҳифа»си орқали танишиб, ўқиб, билиб оласизлар...
Муштарийлардан бизнинг биргина илтимосимиз газетага бефарқ бўлмаса деймиз. Ахир у она тилимизнинг кўзгуси-ку…Бугунги кунда маънавият ҳам пул билан ўлчанаётган бир пайтда бизнинг тижорий саҳифаларимизни, мақола ва реклама, эълонларимизни қўллаб қувватлайсизлар деган умиддамиз.
Қадрли тадбиркорлар, ишбилармонлар, фирмалар,умумий овқатланиш шохобчалари эгалари, хусусий тиббиёт масканлари мутасаддилари. Ҳар қандай эълон ва рекламаларингизни саҳифаларимизда сифатли ёритиб беришга тайёрмиз.
Ҳурматли зиёлилар, ўқитувчилар, олий ва ўрта таълим муассасалари мутасаддилари. Сизлар доимо маънавиятнинг олдинги сафларида бўлиб келгансизлар. Газетамизга обуна бўлишда сизларга таянамиз. Сизлар билан ўқув-услубий мавзуларни ёритишдек вазифаларга биз доим тайёрмиз. Газетамизнинг давомийлигини сақлаш бугунги кунда сизу, бизнинг зиммамизда. Буни унутмайлик.
Тараққиёт ва техника асри деб айтилаётган йигирма биринчи асрда барча интернет тармоқидан фойдаланаётганлиги ҳақиқат. Бироқ, газета ҳамма даврда ўз ўрни, мавқеига эга бўлган ва шундай бўлиб қолади.
Бугунги кунда ўқувчи боладан тортиб, катта ёшдаги инсонгача телефон ўрнига кўпроққўлига китоб, газета, журналлар олиб ўқишига ўргатишимиз зарур. Мактаб ёшидаги болалар бадиий китоб у ёқда турсин таълим тизими дастуридаги китоб, дарсликларни ҳам ўқишмай қўйишди. Ота-оналар, ёши катталар фарзандларимизни газеталар, китоблар ўқишига ундаши, ўргатиши керак.
Шу ўринда ўзининг деярли 94 йиллик тарихи ва нуфузига эга бўлган«Ўш садоси» газетаси таҳририяти ижодий жамоаси сизларга яна бир бор обуна ҳақида эслатиб ўтади.
Газета тақдирига бефарқбўлмайлик. Уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайлик! Ишонамизки, кўп йиллардан буён давом этиб келаётган қадрдонлигимиз ришталари бундан кейин ҳам давом этади.
Эслатиб ўтамиз, бугунги босмахона хизмати ва бошқа омиллар туфайли ҳозирча газетамизни редакциядан олиб кетиш бир ойлик обуна нархи 80 сўмни ташкил этади. Бу эса бир йилига 960 сўм дегани. Агар, Сиз газетага жойлардаги алоқа бўлимлари орқали обуна бўлиб, уни почта хизмати бўйича оламан десангиз бир ойга 86 сўм тўлайсиз. Ўшанда бир йилга 1032 сўм тўласангиз хотиржам ҳолда газетани хонадонингизда қўлингизга оласиз.
Шу ўринда «Ўш садоси» редакцияси манзилини ҳам эслатиб ўтамиз:
Ўш шаҳри, Курмонжон Датка кўчаси, 209, 2-қават
Электрон почтамиз: osh.sadosi@inbox.ru
Шунингдек нақд пул ўтказишни М-Банк +996 550 990526 рақами орқали амалга оширсангиз ҳам бўлади.
Қадрли газетхон, бугунги кунда Ўш шаҳрида микроавтобусларда манзилга етиб олиш учун йўл хақига 20 сўм тўлайсиз. Агар манзилга иккита йўналишдаги транспорт воситаси орқали бораман десангиз, яна 20 сўм берасиз. Хуллас, 40 сўм бориш 40 сўм қайтиб келиш билан ҳисоблаганда 80 сўм тщлайсиз. Сиз бугунги нарх бўйича редакциядан бир ойга обуна бўлсангиз ҳар ҳафтада 4-5 марта газета олиб, янги хабарлардан, шеър ва ҳикоялардан хабардор бўласиз.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтамиз, газетамизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатишингиз мумкин. Айниқса Фейсбук саҳифаларида газетанинг янги сонидаги материалларни олдиндан ўқиб, фикр билдириб, лайк босишингиз мумкин.
Бош муҳаррир: Лутфулло РАҲМОНОВ
- Djapanov_F_R дан
